ЎЗБЕКИСТОНГА ХОРИЖДАН ЗОТДОР МОЛЛАРНИ ОЛИБ КЕЛИШ БОРАСИДА

ЎЗБЕКИСТОНГА ХОРИЖДАН ЗОТДОР МОЛЛАРНИ ОЛИБ КЕЛИШ БОРАСИДА

Выкл.

Чорвачиликка алоқаси бўлган ҳар бир киши Ўзбекистон ҳудудига хориждан зотдор мол олиб кириш масаласи жуда мураккаб масала эканини ва бу ферма банкротга учрашига сабаб бўлиши мумкинлигини билади. Фермер ва тадбиркорлар зотдор мол (одатда, ғунажин ва таналар) етказиб берувчиларни мустақил топишлари мумкин, аммо, кўп ҳолларда, барча ишлар “Насл хизмат” орқали расмийлаштирилади. Бироқ, мол олиб келишга жазм қилишдан аввал қандай зотни олиб киришни хоҳлашингизни аниқлаб олиш керак.

Мол зотини танлашда чорвачилик фермаси йўналиши асосий мезон бўлса мақсадга мувофиқ бўлади. Яъни, сигирлар қандай мақсадда ва қандай ферма учун сотиб олинади. Сут фермаси учунми? Сут-гўшт фермаси учунми? Ёки гўштфермаси учунми? Вариантлар кўп. Шу билан бирга иқлим шароити ўхшашлигини, шунингдек зотнинг репродуктив хусусиятларини инобатга олиш зарур. Бу ҳақида бизнинг сайтда ЙҚМ зотини танлашга бағишланган туркум мақолаларда ўқишингиз мумкин.

Ўзбекистоннинг иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда мутахассислар мамлакатимиз фермаларига Исроил, АҚШ ва Канададан сут ва гўшт-сут йўналишидаги сигирларни олиб киришни тавсия этадилар. Бу маҳаллий шароитга мослашиш билан боғлиқ муаммолар сабабли сигирлар нобуд бўлиши хавфини камайтиради.

Қорамол етказиб берувчиларни қидириш чоғида Bizplan.uz мутахассислари Белорусь, Украина, Россия, Қозоғистон, Польша, Исроил, Чехия Словения, Дания, Канада ва АҚШ компаниялари билан алоқа қилишга муваффақ бўлдилар.

Музокаралар жараёнида биз хорижий мол сотиб олувчилар учун биринчи даражали аҳамиятга эга бўлган саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик. Шундай қилиб:

1. Сигир зоти

Қорамол зоти шунчалик кўпки, уларнинг орасидан танлаб олиш ҳам осон эмас. Гольштин-фриз зоти асосида ўнлаб маҳаллий ола-қора зотлар: голланд сигирлари, Литва ола-қора, эстон ола-қора, Дания ола-қора, немис ола-қора, швед ола-қора ва британ-фриз зотлари олинганини айтиб ўтишни ўзи кифоя бўлади. Ташқи кўриниши бўйича бу жониворлар жуда ўхшаш. Сигирлар ўз зоти намуналарига тўлиқ мос бўлиши, елини тўла, оёқлари тўғри бўлиши ва сут унумдорлиги юқори бўлиши керак. Асосий кўрсаткич – сут унумдорлиги салоҳияти. Бунда сигир сотиб олинаётган фермадаги ўртача сут унумдорлиги ҳар сигир бошига ўртача 8000 кг бўлиши мақсадга мувофиқ. Масалан, белорус ола-қора зотининг сут унумдорлиги 8500-9000 кг бўлиши, лактация даврида ўртача соғим эса 6000-7000 кг бўлиши мумкин. Биз олган тижорат таклифларидаги “сут унумдорлиги” устунида бир лактация даврида 4001-5020 килограммдан (бу сут-гўшт йўналишидаги Бестужев зоти) 8000 килограммгача (Венриянинг гольштин-фриз зоти) бўлган рақамларни кўрдик.

2. Келиб чиқиши

Олиб кириладиган сигирларнинг келиб чиқиши ва насли тегишли наслчилик ва ветеринария ҳужжатлари ва сертификатлари билан тасдиқланган бўлиши керак. Жониворлар насл китобига насли гувоҳномаси билан киритилиши ва ҳар бир сигирнинг уч аждоди кўрсатилиши керак. Ҳолис тан олиш керак, бундай ҳужжатларни етказиб берувчиларнинг ҳар бири тақдим этишга тайёр.

3.Жўнатилган вақтдаги ёши, вазни ва бўйи

Албатта, сигирнинг ёши бу жуда муҳим кўрсаткич (расмий етказиб берувчиларнинг тижорат таклифларида сигирларнинг ёши 18 ойликдан 28 ойликкача), аммо таналар учун вазн ва бўй биринчи марта уруғлантириш муддатини аниқлаётганда ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилади. Муҳими, шуни ёдда тутиш керакки, биринчи марта уруғлантириш вақтига келиб, тана ўзининиг катта ёшдаги вазнининг 60 фоизини йиққан бўлиши керак. Турли зотларнинг ўсиш салоҳияти ҳам турлича. Масалан, гольштин зотли катта ёшли сигирнинг вазни 500-600 килограммгача етади. Уруғлантириш муваффақиятли бўлиши учун тана қуйидаги кўрсаткичларга эга бўлиши керак:

  1. Ёши – 13-15 ойлик
  2. Вазни – 320-380 кг
  3. Яғрингача бўйи 119-122 см.

Ана шу ёдингиздан кўтарилмасин.

Шунингдек, жониворларнинг туёқлари қай аҳволдалигига катта аҳамият бериш керак. Маълумки, туёқлар сут унумдорлиги юқори сигирларнинг заиф томони. Сақлаш ва парвариш шароити ўзгарганда эса (кўпинча ёмон тарафга ўзгаради), аввало, туёқлар билан боғлиқ муаммолар намоён бўлади.

4. Танлаш вақтида бўғозлик

Жуда муҳим кўрсаткич. Бўғозликни ректал (ёки бошқа усулда) диагностика қилиш малакали мутахассис томонидан амалга оширилиши керак ва натижаси расмий равишда қайд этилиши лозим. Албатта, бўғозлик муддати 3-6 ой бўлгани маъқул. Мамлакатга кириб келгандан кейинги сўнгги икки ой сигирга маҳаллий шароитга, сув ва емга бироз мослашишга ва иммунитетни кучайтиришга имкон беради ва бу иммунитет сигирдан бузоққа ўтади.

5. Танлаб олиш

Сигирларни танлаб олиш масаласига жиддий ёндашиш керак. Нима бўлганда ҳам текшириб олган маъқул, кейинчалик даъволар камроқ бўлади. Етказиб берувчилар таклиф қилган нархлар бу энг олий сифатли сигирларнинг нархи. Албатта, “энг яхши” сигирларни айнан сизнинг вакилингиз муайян зот учун ўсиш ва вазн қўшиш жадвалига мувофиқ танлаб олса яхши бўлади. Масалан, гольштин зотли таналар қуйидаги жадвалга мос бўлиши керак: ўртача кунлик вазн ортиши 700-750 граммни, ўсиш ойига 3 сантиметрни ташкил этади. Таналар ёш сигирларни уруғлантириш учун махсус танлаб олинган (мақсад — енгил болалаш) буқа спермаси билан сунъий уруғлантирилган бўлиши керак.

6. Сотгандан кейинги хизмат

Бу шартни барча етказиб берувчилар ҳам бажаравермайди. Аммо бу йўналишда музокара олиб борса бўлади. Биз боғланган етказиб берувчиларнинг бирортаси сотгандан кейинги хизматни таклиф этмади. Бироқ, баъзи компаниялар (масалан, Россия компаниялари) сигирларни етказиб беришдан олдин хўжаликни назоратдан ўтказишни ва сут унумдорлиги юқори зотдор сигирларни парваришлаш, сақлаш, озиқлантириш ва даволаш бўйича амалий машғулотлар ўтказишни таклиф этдилар.

7. Суғурта

Одатда, суғурта буюртмачи ҳудудида карантин муддати тугашигача қадар расмийлаштирилади. Аммо, бундай суғуртани расмийлаштирадиган компаниялар биз боғланган компанияларнинг озчилигини ташкил қилди.

8. Нархлар

Етказиб бериш шартлари ва сигир зотига қараб нархлар бир-биридан катта фарқ қилади. Нархлар, асосан, долларда, еврода ва фақат айрим ҳолларда етказиб берувчининг ўз валютасида (рубль, гривна, қозоқ сўми ва ҳоказо) кўрсатилади. Шунингдек, нарх ҳар бош сигирга ва ҳар килограмм тирик вазнга белгиланади (масалан, бир бош сигир 2500 евро ёки ҳар килограмм тирик вазн учун 5-8 евро).

Бизга тушган таклифлар:

Россиялик сотувчилардан (гольштин, ола-қора зотлар):

  • Хўжаликкача етказиб бериш шарти билан — бир бош сигирга 851150 рублдан бошлаб;
  • 3350 евро СIP Ўзбекистон;
  • Харидор ўзи олиб кетиши шарти билан ҳар килограмм тирик вазн учун 200-230 рубль;

Белоруслик сотувчилардан (гольштин, ола-қора зотлар):

  • Ҳар килограмм тирик вазн учун 6 доллар ва бориш-келишга ҳар бир километр учун 1,5 доллар.
  • Харидор ўзи олиб кетиши шарти билан ҳар килограмм тирик вазн учун 42 гривна, етказиб бериладиган бўлса бориш-келишга ҳар бир километр учун 15 гривна/км (1 доллар = 8 доллар), суғуртасиз.

Қозоғистонлик сотувчилардан (Америка гольштинлари):

  • Бир бош сигир учун 6900 АҚШ доллари (СIP Ўзбекистон)

Нархлар тижорат таклифи тақдим этилган кундан бошлаб, 15 кун давомида ҳақиқий бўлади. Аммо, тажрибадан аёнки, фарқ катта бўлмайди.

9. Тўлов шартлари

Барча сотувчилар ва етказиб берувчилар 100 фоиз олдиндан тўлаш шарти билан ишлайдлар.

10. Транспорт

Ғунажинларни етказиб беришнинг бир неча усули бор – авитранспорт билан, автотранспорт билан ва темир йўл транспорти билан. Энг қиммати ва шу билан бирга сигирлар учун энг мақбули, энг кам ноқулайлик келтириб чиқарадигани, албатта, авиатранспорт. Битта юк ташувчи самолёт бортига 200тагача сигирларни сиғдириш мумкин. Автотранспорт билан олиб келиш анча тежамкор йўл. Битта махсус жиҳозланган автотранспортга 30-32та сигирни ортиш мумкин. Энг ноқулай усул – темир йўл транспорти билан ташишдир. Лекин, баъзида вазият айнан темир йўл транспорти билан ташишни тақозо этади.

 

Албатта, зотдор сигирлар пода унумдорлигининг ягона омили эмас. Имкон қадар юқори унумдорликка эришиш учун яна кўплаб ускуналар зарур, масалан, зотдор ва барча талабларга жавоб берадиган буқа уруғи, чуқур музлатилган маҳсулотни сақлаш учун махсус идишлар; сунъий уруғлантириш учун асбоблар тўплами; наслдорлик гувоҳномаси (ҳимояланган) бланклари; туёқларга ишлов бериш учун фискаторли столлар; зоотехника асбоблари; бўлма ускуналари; ветеринария асбоблари. Етказиб берувчилар мазкур товарларнинг барчасини кенг ассортиментда таклиф этадилар.

 

Мана, Сиз билан ушбу мақолада бўлишмоқчи бўлган фикрларим шулардан иборат. Ўзбекистонга зотдор мол олиб кириш тартиби (буюртма бериш, ҳужжатларни расмийлаштириш, ветеринария-санитария талаблари ва ҳ.к.) ҳақида мана шу ҳавола бўйича ўтиб, “Тармоқлар” – “Сут тармоғи” бўлимидаги “Ўзбекистонга хориждан зотдор мол олиб кириш масаласи” мақоласида янада батафсилроқ маълумотларга эга бўласиз.